Ўзбекистон Бадиий Академияси
 
“Гўзал Тошкентим ” -

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Бадиий Академия, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бир қатор ижодий ташкилотлар ҳамкорлигида пойтахтимизнинг 2200 йиллигига бағишланган “Гўзал Тошкентим” мавзуидаги кўргазма танлов ташкил этилди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, уларни ҳар томонлама етук ва баркамол шахс этиб вояга етказиш жараёнида миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш, асраб-авайлаш, маданият, санъатни янада ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган кенг ишлар ўзининг юксак самарасини бераётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 2 апрелда қабул қилган “Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги карори ёшларни она Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда, уларни эзгу ва ҳаётбахш ғоялари сари даъват этишда муҳим омил бўлмоқда.

Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, пойтахтимизнинг мафтункор жамоли акс эттирилган янги тасвирий асарлар яратилишига кўмаклашиш, мусаввирлар ижодини янада фаоллаштирий, кенг жамоатчиликни пойтахтимиз тарихи ва бугунги куни тасвирланган асарлар билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган “Гўзал Тошкентим” танловида таниқли мусаввирлар билан бирга ёш рассомлар ҳам ўз ижодий ишлари билан иштирок этди. Ушбу танловда тақдим этилган асарлар асосида ташкил этилган бадиий кўргазмада эса жонажон шаҳримиз манзаралари, истиқлол йилларида шаҳримизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, самимий ва меҳмондўст ҳамюртларимиз акс эттирилган икки юз элликдан ортиқ асар намойиш этилмоқда.

Айниқса, Фатҳиддин Мўйдиновнинг “Ҳазрати Имом мажмуаси”, Ҳаким Мирзааҳмедовнинг “Зумрад ҳовуз”, Исмоил Болтабоевнинг “Анҳор”, Муҳаммад Йўлдошевнинг “Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи” каби картиналар томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Тадбирда турли йўналиш ва номинациялар бўйича йигирмага яқин ғолибга совринлар топширилди.

 


Оркага      Олдинга